«Ekologiya xabarnomasi» jurnaliga obuna davom etmoqda. Obuna nashrimiz: 910
          [ uz | eng | ru ]
         

 

 
8 январь
 

Шифокорларни янги стратегияга ўқитишди

 
 

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ДОТС Регионал Марказида “Ўпка саломатлигига амалий ёндошув” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди. “Ўзбекистонда иқлим ўзгаришидан саломатликни асраш” Лойиҳаси доирасида ўтказилган ушбу семинарга Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташкилотчилик қилдилар. Фтизиатрлар, умумий амалиёт шифокорлари ва қишлоқ врачлик пунктлари ходимларини Бишкек шаҳрида ўқиб келган тренерлар ва Қирғизистон давлат Тибибёт институтининг қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича доцентлари, “Ўпка саломатлигини мустаҳкамлаш ” қирғиз – фин Лойиҳасининг экспертлари ўқитишди. Семинарда Қорақалпоғистоннинг 20 та шимолий туманларидан 20 нафарга яқин шифокорлар иштирок этдилар. Ушбу Лойиҳани Ўзбекистонда амалга оширишдан мақсад - иқлим ўзгариши ва ифлосланган ҳавонинг саломатликка таъсирини баҳолаш имкониятларини миллий даражада ривожлантириш ва иқлим ўзгаришларига кўникма ҳосил қилиш, тайёрлик ва реакция қилишнинг фавқулодда табиат ҳодисаларига тайёргарликни ҳам ўз ичига мақсад қилиб олган “Иқлим ўзгаришидан саломатликни ҳимоя қилиш миллий Режаси”ни ишлаб чиқишдан иборат. Ушбу Лойиҳа ўпка саломатлигига амалий ёндошув, ҳавонинг ва атроф табиий муҳитнинг сифати ва рационал овқатланиш каби 3 та компонентни ўз ичига олади. - Тренинг жуда фойдали бўлди, биз энди, биринчи марта ўпканинг саломатлигига амалий ёндошув стратегияси ҳақида билиб олдик. Бу Стратегия бизга жуда ёқди, кўникма ҳосил қилгандан кейин, албатта уни амалиётимизда қўлланилишига ишончим комил, - дейди Қораузоқ туманидаги “Қораузоқ” қишлоқ врачлик пункти раҳбари Рамиз Сапарниёзова. Тренинг мобайнида фтизиатрлар ушбу Лойиҳа асосида Республика Кўпсоҳали тиббиёт Маркази, Қорақалпоғистоннинг туманлар шифохоналари ва қишлоқлар врачлик пунктлари учун харид қилиниши режалаштирилган махсус ускуна ва анжомлардан фойдаланишнинг амалиётига ҳам эга бўлдилар. Ўпка саломатлигига янги ёндошув - ушбу Лойиҳанинг аҳолини иқлим ўзгаришидан ҳимоя қилишда асосий компонент бўлиб, у бир қатор мамлакатларда синовдан ўтган ва ўпка касалликлари бўйича аҳволнинг яхшиланишига эришилган. Ушбу Стратегия дастлабки тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган нафас йўли органлари бўйича беморларнинг касалининг олдини олишда ва уларни даволашда шифокорлар ишини яхшилаш имконини беради. Ушбу инновация умумий амалиёт шифокорлари, ҳамширалар ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг дастлабки звеноси мутахассисларига йўналтирилган. Бунда ўпка касалига чалинганлар, жумладан туберкулёз, пневмонияга мойилроқ ўткир респиратор вирус инфекцияси, астма ва ўпканинг сурункали обструктив касалликлари билан оғриганларнинг 5 ёшдан катталарига алоҳида аҳамият берилади. Стратегия туберкулёз, сурункали респиратор, бронхиал астма касалликларига ташхис қўйиш ва даволашни олиб бориш ҳамда респиратор касалликлари беморлари ўртасида тамаки чекиш даражасини камайтиришни ўз мақсадлари доирасига киритган. - Нафас органлари (респиратор) касалликлари Қорақалпоғистондаги касалликларнинг умумий тизимида, қон ва қон ишлаб чиқарувчи органлар касалликларидан кейин - иккинчи ўринда туради (12 %),- дейди Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси миллий касбий ходими Нина Низаматдинова - “Саломатликни иқлим ўзгаришидан ҳимоя қилиш” Лойиҳаси координитори. Унинг таъкидлашича, ушбу Стратегиянинг тадбиқ этилиши, тиббиёт ходимларини ўқитиш мақсадида, Қирғизистон мутахассислари ёрдамида клиник раҳбарлик учун ўқув ускуналари ва анжомларини ишлаб чиқишни кўзда тутади. Стратегия дастлабки медико-санитар ёрдам тизимининг мустаҳкамланишига, “Туберкулёзни тўхтатамиз!” Стратегиясининг самарадорлигини ҳамда соғлиқни сақлаш тизимининг узоқ ва бориш қийин бўлган жойлардаги тиббиёт муассасалари ходимларининг компетентлигини оширишга хизмат қилади. – Ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда аниқ айтишим мумкинки, чанг бўронлари вақтида бронхиал астма, аллергия ва кўз касалликлари кучаяди, - дейди Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Отажон Хамроев. Лекин, унинг таъкидлашича, нима сабабдан бу ҳолат юз бериши ва касалликларга таъсири махсус илмий изланмаган. Алқисса, ушбу Лойиҳа натижасида шундай баҳо бериш ва ишларни ташкил этиш имкониятига эгамиз.

А. Аминова

 

 

Счетчик посещений Counter.CO.KZ
Rambler's Top100

 

  Design by "Chinor ENK" , Copyright © 2006-2010