Роса чорак аср муқаддам Юрий Чернишев бошчилигидаги бир гуруҳ рассомлар - тасвирий санъат иштиёқмандлари биринчи “Рассом ва Табиат” кўргазмасини ташкил қилган эдилар. Мана, 25 йилдан бери Рассомлар Академиясининг саройлари кўргазма мавсумини анъанавий кўргазмани ўтказиш билан ниҳояладилар. Бу кўргазмада 25 йил мобайнида ўзбек тасвирий санъати намоёндаларининг бир неча қобилиятли авлоди иштирок этдилар. Чорак аср мобайнида авлодлар алмашинади, таъб майллари ва услублар ўзгаради, лекин атроф-муҳитни ўрганиш ва касб маҳоратини оширишга бўлган ҳаракат ўзгармай қолади. Тиришқоқ ва изланувчан рассом учун атроф олам ўзининг турли чексиз кўриниши билан авваломбор табиатдир. Унинг на бошланиши ва на ниҳояси мавжуд, замонда ва маконда чексиз, ўзлуксиз ўзгариш ва ҳаракат ҳолатида. Ташриф буюрувчилар шонли санани нишонлаган кўргазмага келиб айнан шу нарсага амин бўлдилар. Бунда тасвирий санъатнинг акварель ҳамда мойбўёқли асарларидан баҳраманд бўлиб ажабтовур ва ҳар бир ўзбекистонлик учун жонажон бўлган табиатга чўмғиш мумкин. Кўргазма саройларида икки юздан ортиқ ёш ҳамда таниқли рассомларнинг ишлари намойишга қўйилган. Ўзбек тасвирий санъат усталарининг бой ранглари жилосида барча усул ва йўналишлар ўз аксини топган. Ака-ука Отабоевлар ижросида табиийликка иштиёқ барқ уради, “Арт-Трио” гуруҳини салон тасвирий санъати унсурлари билан йўғрилган ХХУП аср голланд тасвирий санъати ўзига тортган, Ҳаким Мирзааҳмедов ва унинг шогирдлари санъат шайдоларини ранглар мутаносиблигининг нозиклиги билан ўзига шайдо қилган бўлса, Дилором Мамедове, Қудрат Ажиметов, Искра ва Светлана Шин, Владимир Чуба, Валерия Гамбарова, Татъяна Ли асарларига экспрессия ва лиризм хос. Уларнинг ҳар бири ўз услуб ва йўналишларини ўзларига хос жадаллик ва ҳажмда ифодалаганлар. Кўргазмада Е.Хегай, А.Асанова, М.Мамбетов, Ҳ.Ҳусанов, Ҳ.Абдумўминова, А.Алимуҳамедова каби рассомлар биринчи бор қатнашиб ўзларини танитганлар. Айнан шу ёш рассомларга Ватанимизнинг бой табиатини турфа кўринишларда акс эттириш насиб қилиб аждодлар анъанасини давом эттиришларига умид қиламиз. |