Ўзбекистон Республикасининг табиатни муҳофаза қилиш соҳасида қонунлари, шу жумладан “Биологик хилма-хиллик тўғрисида”ги, “Қўчиб юрувчи ёввойи ҳайвонлар турларини муҳофаза қилиш туғрисида” ги, “Халқаро аҳамиятга эга сув-ботқоқ ерлар тўғрисида”ги, “Бутунжаҳон меросни тўғрисида”ги ва яна бир қатор конвенциялар бўйича унинг халқаро мажбуриятларини амалга ошириш ҳисобланади. Булар Ўзбекистон Республикасининг “Муҳофаза этилдаиган табиий ҳудудлар тўғрисида”, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида” ва бошқалар.
2004 йил декабрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинди.
“Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги (03.12.2004) Қонунга биноан Ўзбекистон Республикасида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга қуйдагилар киради:
- давлат қўриқхоналар;
- комплекс (ландшафтли) заказникалар;
- табиий боғлар;
- табиат ёдгорликлари;
- алоҳида табиат объектлари ва комплексларини муҳофаза қилиш, қайта ишлаб чиқариш ва тиклаш учун ҳудудлар;
- муҳофаза этиладиган ландшафтлар;
- алоҳида табиий ресурларини бошқариш учун ҳудудлар.
“Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонунга биноан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш, муҳофаза қилиш ва фойдаланиш соҳасида давлат бошқарувни ҳукумат, жойларда давлат ҳокимияти органлари ҳамда махсус тайинланган давлат органлари амалга оширадилар.
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва фойдаланиш соҳасида давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси ва жойларда давлат ҳокимият органлари томонидан амалга оширилади. Янги қонун қабул қилиниши билан уни янгилаш ва такомиллаштириш режалаштирилган. Республикада муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар яҳлит бир тизимдан иборат бўлади, у охир-оқибатда биохилма-хилликни узоқ вақт сақлаб қолишни таъминловчи узлуксиз экологик турга айланади.
“Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонун қабул қилингандан сўнг кўп сонли объектларга – ўрмон хўжалик корхоналари ва овчилик хўжаликларига муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар мақоми берилади.
Биосферик давлат резервати тушунчасини киритиш алоҳида аҳамиятга эга. Уларни ташкил этиш тартиб ва режими бизнинг қонунчилигимизда биринчи бор кўзда тутилади ва биосферик резерватлар бўйича ЮНЕСКО хужжатлари талабларига мос келади.
Хозирги кунда Республикамизда 9 қўриқхона ва 2 миллий боғ мавжуд. “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига биноан қўриқхоналар, миллий боғлар билан бирга заказникалар ҳам мана шундай ҳудудларга киради. Бугунги кунда Республикамизда 10 заказник мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси тассаруфида Ҳисор қўриқхонаси фаолият юритмоқда. Қўриқхона 1983 йилда, икки мустақил Мироки ва Қизилсув тоғ қўриқхоналарни бирлаштириш натижасида ташкил қилинган. Ҳисор қўриқхонасининг умумий майдони 80986 гектарни ташкил этади. У Ҳисор тизмаси шимоли-ғарбий тармоқлари табиий комплексларининг типик участкаларини асл ҳолида сақлаб қолиш, улардаги табиий жараёнларнинг борлигини ўрганиш ва табиатни муҳофаза қилишнинг илмий асосларини амалиётга татбиқ этиш мақсадида ташкил этилган. Ҳисор давлат қўриқхонасининг ер майдони 4 та бўлимга ажратилган:
Ғилон бўлими – 18838 га
Мираки бўлими – 11821 га
Танҳоздарё бўлими – 20233 га
Қизилсув бўлими - 30094 га
Қўриқхонада ўрмонларининг аксарияти арчадан иборат. Умуман олганда қўриқхона худудидаги ўсимликлар Марказий Осиё тоғларига хос бўлиб, таркиби бўйича турли-тумандир. Ҳисор қўриқхонаси ҳудудида ўсимликларнинг 870 дан ортиқ тури ўрганилган ва айримлари эндемик ҳисобланади. Қўриқхона ҳудудида Туберген лоласи, улуғ лола, Бобров астрагали, Ўзбекистон чиннигули, етмак, анзур пиёзи, Зарафшон арчаси ва бошқалар бор. Ўсимликларнинг 38 тури Ўзбекистон “Қизил китобига” киритилган. Ҳисор қўриқхонасининг ҳайвонот олами ҳам хилма-хилдир. Қўриқхонада 2 тур балиқ, 19 тур судралиб юрувчи ва амфибиялар, 103 тур қушлар, 28 тур сутэмизувчилар мавжуд. Қушлардан бургут, болтаютар, митти бургут, қумай, итолғи; сутэмизувчилардан қор қоплони, Туркистон силовсини, қўнғир айиқ ва Марказий Осиё қундузи “Қизил китобга” киритилган. Қўштуоёқлилардан тўнғиз ва Сибирь тоғ эчкиси кенг тарқалган. Каклик деярли ҳар қадамда учрайди. Кемирувчилардан қизил суғур ва бошқалар ўтзорлардан бошпана топишган ва уларнинг асосий “душмани” - бўри ва тулки ҳам мавжуд. Қизилсув бўлимидаги денгиз сатҳидан 4000 м дан юқори бўлган “Осмон-талаш” чўққиси энг баланд нуқта ҳисобланади. Ёдгорликлардан Тулкитўғай ота, Хўжагул ота зиёратгоҳлари, Амир Темур ғори (узунлиги 670 метр), динозаврлар изи, Бумни қапчиғай, ўғрини зиндони, Ҳўкизбурун, Сувтушар ва Хўжақулбарс шаршалари мавжуд. Ҳисор қўриқхонаси ЮНЕСКО Умумжаҳон табиий ва маданий мерос рўйҳатига киритиш учун тақдим этилган.
Қўриқхона ўзига хос илмий-тадқиқот муассаси бўлиб, унинг ходимлари қўриқхона ҳудудида браконьерлик ва табиатга нисбатан бошқа қонунга ҳилоф ишлар бажарилишининг олдини олиш йўлида тинмай меҳнат қилишмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси тасарруфидаги “Жайрон” Экомаркази 1977 йилда ташкил этилган. У Бухоро шаҳридан жанубий-шарқ томон 40 кмга чўзилиб жойлашган. Майдони 7135 га бўлиб, улардан 5145 га тўр билан чегараланган. Экомарказнинг асосий мақсади насли ва тури йўқолиш арафасида турган, Табиатни Сақлаш Халқаро Иттифоқи (ТСХИ) Қизил Китобига киритилган жайрон, бухоро қўйи, бурама шоҳли эчки, марҳур ва бизнинг худудларда мутлақо учрамайдиган Прежвальский отлар, қулонларини сақлаш, парваришлаш ва кўпайтириш, ҳамда уларнинг биологиясини ўрганишдан иборат.
Экомарказнинг илмий маълумотларига кўра, бу ердаги чегараланган ҳудудда 28 ўсимлик ойласига мансуб 200 дан зиёд ўсимлик турлари ўсади. Йил давомида марказ ҳудудида 257 турдаги қушларни учратиш мумкин. Бу эса Ўзбекистон орнитофаунасининг 37 % ташкил этади. Бу ҳудудда судралувчиларнинг 21 тури, бундан ташқари 33 турдаги сут эмизувчи, 2 турдаги амфибия ва 15 турдаги балиқлар яшайди.
2009 йил 3 октябрь куни бўлган ҳисоблар натижаларига кўра Экомарказ ҳудудида жайронларнинг сони 902 (вольердагилар билан), Прежвальский оти – 21, куланларнинг сони – 67 етган. Шунингдек, ҳозирги кунда экомарказда кўпайтирилаётган бухоро қўйининг сони 10 етди. Бундан ташқари 1 мархур яшамоқда. Мархур қўйларини сонини ошириш мақсадида ўтган йили Термез ҳайвонот боғи билан шартнома тузилиб, 1 мархур вақтинчалик сақланишга Экомарказга келтирилган.
Экомарказ келажаги унинг ҳудудини кенгайтиришга боғлиқ. 01.01.2009 й. ҳолатига унинг майдони 7135 га ташкил этган. Лекин, 2009 йил феврал ойида “Жайрон” Экомаркази ҳудудига 9369 га ер қўшилган.
Энг муҳими «Жайрон» Экомарказда келажак авлод учун бутунлай йўқ бўлиб кетиш хавфига учраган ҳайвонларнинг ноёб турларини сақлаб қолишга мувоффиқ бўлди ва Марказий Осиёда ноёб ҳайвонларни қирилиб кетишдан қутқариш марказига айланди.
Г. Шагиахметова,
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш Бошқармасининг етакчи мутахассиси |