Ҳукумат томонидан ёшларнинг таълим олишига, шунингдек иқлим ўзгариши, биохилма-хилликни асраш, чўлланишнинг олдини олиш, табиат бойликларидан оқилона фойдаланиш каби экология ва атроф-муҳитнинг долзарб муаммоларини ҳал қилишда ёшлар ўрнини кўтаришга катта эътибор берилмоқда.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қишлоқ, сув хўжаликлари ва экология масалалари Қўмитаси, Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ташаббуси билан 26 февралда Ўзбекистон Миллий Университетининг Мирзо Улуғбек номли Маданият саройида думалоқ стол атрофида “Баркамол йили”га бағишлаб “Экологиянинг болзарб муаммолари ва уларни ҳал қилишда ёшларнинг ўрни” мавзусида учрашув ўтказилди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қишлоқ, сув хўжаликлари ва экология масалалари Қўмитаси раиси Хамробой Раззоқов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон Миллий Университети ректори Ғафуржон Муҳамедов, Ўзбекистон республикаси Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Нариман Умаров, Миллий Университет биолого-тупроқшунослик факультети декани Боқижон Мўминов, Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг етакчи мутахассислари, халқаро ташкилотлар, Ўзбекистонда ГЭЖнинг кичик грантлар Дастури, Британия Кенгаши вакиллари, шунингдек Миллий Университет профессор-ўқитувчилари, аспирантлар, магистр ва талабалари, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.Учрашув жараёнида иқлим ўзгариши ва ёшлар ташаббуслари, биохилма-хилликни асраш ва баркамол ривожланган авлод тарбияси, Ўзбекистонда ГЭЖнинг кичик грантлар Дастурини амалга оширишда ёшлар иштироки ва барқарор ривожланиш мақсадларида мутассил экологик таълимни тадбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди. Муҳокама жараёнида экологик муаммоларни ҳам қилишда ёшларнинг ўрни, талабаларни табиатни муҳофаза қилиш идора ва ташкилотларига амалиётлар ўташга жалб қилиш, Миллий Университет ва Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси муносабатларини фаоллаштириш юзасидан мунозаралар юритилди, қўйилган саволларга амалий тадбирлар белгиланди. Учрашув қатнашчилари томонидан келгусида ташкилотчилар ўз фаолиятларига янада чуқурроқ тадбиқ қиладиган мамлакат экологик муаммоларни ҳал қилишда ёшлар иштирокини фаоллаштириш юзасидан бир қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Ёшлар мамлакат ҳалқининг 60 фоизини ташкил қилади, Ватанимиз келажаги, экологик муаммоларни ҳал қилишда фаол бўлиш уларнинг зиммасидадир. Бекорга Ўзбекистон Республикасида жорий йил “Баркамол авлод йили” деб эълон қилинмаган.
Р.Ибрагимов |