Ўзбекистон Республикаси Мустақилликни қўлга киритган вақтдан бошлаб Япония ҳукумати мамлакатнинг иқтисодиёти, саноати ва экологияси ривожига ҳар томонлама кўмак бериб келмоқда, стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Ўзбекистон Япония томонидан кўрсатилаётган беғараз қўллаб-қувватлашни ҳис қилмоқда. Бугунги кунгача кунчиқар мамлакат биз билан иқтисодиётнинг кўп тармоғидаги муаммоларни ҳал қилишда ҳамкорлик қилмоқда. Улар Ўзбекистонни қўшиб Марказий Осиё мамлакатлари билан минтақавий ҳамкорликни муҳим билади ва 2004 йилда “Марказий Осиё+Япония” Диалогини уюштиришди. Диалог “Хилма-хилликка эъзоз”, “Рақобат ва координация” ва “Очиқ ҳамкорлик”ка асосланган. Япония ҳукумати минтақавий ҳамкорликни кенгайтирар экан, 2010 йилни “Япония ва Марказий Осиё ҳамкорлиги йили” дея эълон қилди. 1993 йилда Ўзбекистондан биринчи стажёрлар Японияга юборилган. Ўша йилда Япониядан ҳамкорлик бўйича экспертлар Ўзбекистонга келган. Бу ҳамкорликнинг асоси бўлиб Ўзбекистонда 1999 йилда очилган Япония Халқаро Ҳамкорлик Агентлиги (JICA)нинг фаолияти бўлган. JICA нинг ҳиссаси айниқса Ўзбекистон кадрлар потенциалининг мукаммаллашувида яққол кўзга ташланади. Ҳамкорликда ўтган йиллар давомида мамлакатимизнинг 1300дан ортиқ мутахасис ва экспертлари Японияда малакаларини ошириш имкониятидан фойдаландилар. Ҳар йили 20 нафар энг қобилиятли мутахассис ёшларимиз грант асосида кунчиқар мамлакатнинг энг нуфузли университетларида таҳсил олишга жўнатиладилар. Улар нефть-газ ва нефткимё, таълим ва тиббиёт соҳаси, телекоммуникацион тармоқларни кенгайтириш бўйича мутахассислаштириладилар. Японияда малака оширган мутахассислар JICAнинг собиқ малакачилари Ассоциациясини тузганлар. Улар йилда учрашиб турадилар, муомалада бўладилар, ўз соҳаларида эришган ютуқлари билан ўртоқлашадилар, Японияда ўқиш жараёнида қўлга киритган билимларини юртимизда амалга қандай тадбиқ этаётганларини айтиб берадилар, келажакка дастурлар тузадилар.
Жорий йил ҳам мустасно этилмади. 20 февралда Тошкент шаҳрида JICAнинг собиқ малакачилари Ассоциациясининг йиллик йиғилиши бўлиб ўтди. Йиллик йиғилиш иштирокчилари орасида Ўзбекистон Республикасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермерлик хўжаликлари Ассоциацияси, Ўзбекистон бозор ислоҳати илмий текшириш институти, Ўзгидромет илмий текшириш институти, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа ташкилотлар вакиллари бор. Йиғилишда JICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бошлиғи жаноб Юкихико Эжири иштирок этди. Тадбир жараёнида Ассоциация Ижроия гуруҳи бош координатори ва аъзолари 2009 йил давомида қилинган ишлар ҳақида гапириб бердилар, ўтган йилда бажарилган тадбирларнинг мини лойиҳалари Презентациялари ўтказилди. JICA собиқ малакачилари Ассоциациясининг йиллик йиғилиш қатнашчилари ўз соҳалари бўйича 2010 йилга мўлжалланган дастурларни муҳокама этдилар. Мажлис қатнашчилари Япония ва Ўзбекистон мамлакатлари иқтисодий алоқаларининг кенгайиши халқларимиз дўстлик ришталари ва ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишига умид билдирдилар.
Р.Ибрагимов
|