Атроф табиий муҳитни бошқариш бошқарув тизимининг умумий олий устунликлари қаторига кириб бормоқда. Атроф табиий муҳитни бошқариш тизими экологик масалаларни ташкил қилиш тартиби ва босқичма-босқич ечимини топиш манбаларини жойлаштириш, табиий жараёнларга мунтазам баҳо бериш ҳамда вазифаларни тақсимлаш орқали таъминланади.
Бошқариш элементларидан бири сифатида татбиқ этилган табиатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими менеджмент ҳудудининг яхши белгиси ҳисобланади ва инвестициявий тортиш кучини оширади. Табиатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини татбиқ этиш максимал имкониятлар орқали экологик катастрофаларнинг олдини олиш имконини беради. Табиатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими соҳаси сиёсати ва экологик хавфсизликни таъминлашдан асосий мақсад – мақбул атроф муҳитга бўлган ҳуқуқни, хўжалик ва бошқа таъсирлар натижасида вужудга келаётган салбий фаолиятдан ҳимоя қилиш ҳамда ифлослантириш оқибатларини тугатиб, уни огоҳлантириш ҳисобига, атроф-муҳитнинг сифатини соғломлаштириш ва яхшилашдан иборат.
Ушбу қоидалардан келиб чиққан ҳолда 2009 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Сифатни бошқариш тизимини халқаро мақбул андозаларга мослаштиришни республика корхоналарига татбиқ этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган.
Менеджмент сифати тизимининг ISO 9000 стандартлари асосида сертификатланишида ер юзидаги барча ривожланган мамлакатларда ўзини оқлаган сифат мўътадиллиги кўриниши намоён бўлади. Экологик менеджмент тизимини сертификатлаш, экологик менежмент тизими сиёсатининг асосий мақсади, принциплари ва талабларини ўз ичига қамраган ISO 14000 серияли халқаро стандартлар бўйича амалга оширилади.
Сифат менеджменти тизими ва экологик менеджментни тушунтириш ва корхоналар фаолиятига татбиқ этиш мақсадида 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва “Ўзстандарт” агентлигининг стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш илмий-тадқиқот институти ташаббуси билан “Сифат менеджменти ва атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш тизимини бошқаришни жорий этиш” мавзусида республика илмий-амалий семинари ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг вилоятлар қўмиталари раҳбарлари, Экологик сертификатлаш, стандартлаш ва меъёрлаш Бош бошқармасининг вилоят ходимлари иштирок этдилар.
Тадбирда Сертификатлаштириш, илмий изланишлар бўлими бошлиғи, техника фанлари номзоди Карим Ўтаев “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Сифатни бошқариш тизимини халқаро мақбул андозаларга мослаштиришни республика корхоналарига татбиқ этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш ҳақида”, шу бўлимнинг шўъба мудири Анжела Сергеевна “Халқаро ISO 9001 стандартининг сифат менежменти тизимида татбиқ этиш ҳақида” ва бўлим катта илмий ходими ва халқаро эксперт Абдуҳамид Холиқов “Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишни бошқариш тизимлари. Халқаро ISO 14001 стандартини татбиқ этиш талаблари ва ўқув қўланмалари ҳақида” мавзуларида маърузалар қилдилар.
Ушбу чиқишлар семинарда иштирок этган вилоятлар Табиатни муҳофаза қилиш қўмиталари раҳбарлари ва Экологик сертификатлаш, стандартлаштириш ва меъёрлаш бошқармалари ходимлари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди, улардан амалиётда фойдаланиш бўйича ўзларини қизиқтирган турфа саволларга асосли жавоблар ҳам олдилар.
Албатта, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва “Ўзстандарт” агентлигининг стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаш илмий-тадқиқот институти ташаббуси билан “Сифат менеджменти ва атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш тизимини бошқаришни жорий этиш” мавзусида ўтказилган ушбу республика илмий-амалий семинар мамлакатимиздаги экологик ҳолатни яхшилашда муносиб ҳисса бўлади ва корхоналарнинг ўз маҳсулотларини жаҳон стандартларига мос ҳолда ишлаб чиқаришларига туртки беради.
Р.Ибрагимов |