Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишида ёшларнинг таълим олишга, касб ва мутахассисликларни эгаллашга бўлган интилиши қувватланади ва рағбатлантирилади.
Ундан ташқари ёшлар учун нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам таълим олиш имконияти мавжуд. Ҳукуматимиз томонидан уларнинг касб ва йўналиши яқин касбларни эгалалашларида ёрдам қилинмоқда ва Ўзбекистон ривожининг ўз моҳиятини белгилашига катта аҳамият берилмоқда.
Ўзбекистонда ишлаб чиқилган Кадрлар тайёрлаш бўйича Миллий дастур мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизини ташкил этадиган ёш авлоднинг таълими соҳасида амалга ошириш лозим бўлган барча имкониятларни беришга йўналтирилган. Бу борада ўқув ва илмий муассасаларнинг моддий-техник базаси ривож топаётгани, замонавий коллеж ва лицейлар қурилаётгани, ўқув ва махсус адабиётлар нашр этилаётгани алоҳида эътиборга лойиқ. Ахир, 2010 йилни мамлакатимизда “Баркамол авлод йили” деб аталгани ҳам бежиз эмас.
Мамлакатимиз ёшларига таълим соҳасини танлашда ёрдам кўрсатиш мақсадида мана 5 йилдирки, анъанавий “Таълим ва малака” кўргазмаси ташкил қилинади.
Бу йил ҳам бундан истисно эмас. 11-13 февраль кунлари “Ўзкўргазмасавдо” уюшмасининг кўргазмалар залида Бешинчи халқаро “Таълим ва малака” кўргазмаси ўтказилди. Унга «SSP-Expocontact» МЧЖ, Ўзбекистон Республикаси савдо-саноат палатаси, “Камолот” Ўзбекистон ёшлари ижтимоий ҳаракати ва Ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш Маркази ташкилотчилик қилдилар. Кўргазма Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта таълим вазирлиги қўллаб-қувватлашида ўтказилди.
Ушбу кўргазма ўзининг бетакрорлиги ва миқёси билан Ўзбекистоннинг таълим ва касбий хизматлари бозоридаги тадбирлар сирасида ажралиб туради. 5 йиллик фаолияти давомида бу кўргазма ўз майдончаларида мамлакатимиз таълим тизимининг барча поғоналаридаги ўқув масканларини ҳамда чет эл олий ўқув юртларини қамраб олди.
Кўргазмада Ўзбекистоннинг салоҳиятли таълим масканлари ҳамда Сингапурнинг Менежментни ривожлантириш институти, Халқаро Вестминстер университети, Хитой, Англия, Швейцария ва бошқа давлатларнинг олий ўқув юртлари иштирок этди.
Ушбу тадбирга юқори синфлар, коллеж ва лицейлар ўқувчилари ва абитуриентларнинг қизиқиши жуда юқори бўлди. Ушбу кўргазмага ташриф буюришлари пировардида, улар Ўзбекистонда ва хорижда бугунги таълим тизимининг имкониятлари ҳақида кенг тасаввурга эга бўлдилар. Ота-оналар шу ернинг ўзида таълим муассасалари вакиллари билан мулоқотга кириб, ўзларини қизиқтирган саволларга тўлиқ, кенг қамровли ва асосли жавоб олишга эришдилар. Олий ўқув юртларини тугаллаганлар эса ўзларининг қўшимча касб эгаллаш ва иш қидириш бўйича саволарига жавоб олиш имкониятига эга бўлдилар.
Кўргазманинг дастлабки очилган куни унга жуда кўп ёшлар ташриф буюриб, таълимга нисбатан қизиқишлари юқорилигини намоён этдилар Улар олий ўқув юртлари вакилларини даврага олишиб, фаоллик билан саволлар беришарди, касблар бўйича дарслар ўтказилиши ҳамда таълим жараёнлари ҳақида аниқлик киритишарди.
Р.Ибрагимов |